//Карантин даврини спортдан узилмаган ҳолда ўтказамиз

Карантин даврини спортдан узилмаган ҳолда ўтказамиз

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг тегишли буйруғи билан вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган барча таълим муассасалари, жумладан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Республика Олимпия захиралари мактаб-интернатлари, Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб интернатлар, ИБЎСМлар, БЎСМларидаги пуллик ва бепул тўгараклар, шунингдек, ёпиқ сузиш ҳавзаларидаги барча тўгараклар номуайян муддатга таътилга чиқарилган эди.

Шундай бўлсада, аҳоли ўртасида бўш вақтни мазмунли ташкил этишда уй шароитида спорт билан мунтазам шуғулланишни ташкил этиш борасида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Республикадаги барча болалар-ўсмирлар спорт мактаби спортчи ўқувчилари карантин даврида кунни мазмунли ўтказиш ҳамда спорт формасини бир маромда ушлаб туриш мақсадида уйдан чиқмаган ҳолда эрталабки бадантарбия ва спорт машғулотларини тренерлар томонидан берилган кўрсатмага асосан “Биз уйда қолиб дунёни қутқарамиз”, “Коронавирусга қарши бир сафдамиз”, “Вирусдан ишончли ҳимоя менининг уйим” каби шиорлар остида машғулотларни уй шароитида давом эттиришмоқда.

Спорт билан шуғулланиш ёки ҳар куни жуда бўлмаганда ярим соат жисмоний машқларни бажариш ва фаол бўлиш, турли касалликларга нисбатан иммунитет ҳосил қилади, қон айланиш жараёни тезлаштиради, руҳан мустаҳкамликка эришишга ёрдам беради, танада ортиқча ёғлар ҳосил бўлишини олдини олади. Бу эса ҳозирги пайтда жуда ҳам муҳим. Бизга берилган ана шу бебаҳо имкониятдан тўғри фойдаланайлик. Карантин вақтида кундалик ҳаётда ҳам соғлиғингизни асрашни ва унга бефарқ бўлмасликни ўзингиз ҳал этинг ва хулоса чиқаринг.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

2020-03-26T18:53:45+05:00 26.03.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ