//Ольга Забелинская: Ўзбекистонда соғлом миллат вояга етказиш учун улкан захира бор

Ольга Забелинская: Ўзбекистонда соғлом миллат вояга етказиш учун улкан захира бор

Токио Олимпиадасининг қолдирилиши мусобақани сабрсизлик билан кутаётган мухлислар кўнглини хира қилгани табиий. Бироқ вазият шуни тақозо қилмоқдаки, аввало, унда спортчи ва делегация вакиллари, кўп сонли сайёҳлар саломатлигини ҳам ўйлаш лозим. Бу қарорга улкан тажрибага эга бўлган спортчилар ҳам ижобий фикр билдиришмоқда. Жумладан, велоспорт бўйича терма жамоамиз вакили, Токио-2020 Олимпиада лицензианти Ольга Забелинская ҳам.

Қуйида ҳамюртимизнинг Олимпиаданинг бир йилга сурилгани, олдиндаги режалари ҳақидаги фикрларини ҳавола қиламиз:

– Барча кутган Олимпиаданинг кечиктирилиши ҳақидаги қарорни қандай қабул қилдингиз?
– Менимча, бундай қарор вазиятдан оқилона чиқиб кетиш мумкин бўлган ягона тўғри йўл. Боиси айни пайтда кўпчиликда шуғулланиш учун имконият йўқ. Бир қатор спорт турларида эса ҳатто лицензиялар тақсимлаб бўлинмаган. Нима бўлганда ҳам Олимпиада мухлислар учун ҳақиқий байрам. Ҳозирги ҳолат ҳеч кимга байрамдек татимас эди. Шу ўринда коронивируснинг кенг тарқалишини олдини олиш учун ҳамманинг уйда қолишини ва шифокорлар тавсияларига риоя қилишларини сўраб қоламан.

– Сизнингча, бу қарор спортчиларнинг тайёргарлигига қандай таъсир ўтказади?
– Бошқа спорт турлари ҳақида гапиришдан йироқман. Велоспорт нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, биз бир йилда бир неча бор юқори спорт формасига чиқишимиз мумкин. Шу боис Олимпиаданинг бир йилга сурилиши жуда катта роль ўйнамайди. Ҳатто Токиодан кейин спортни якунлашни режалаштирганларга ҳам.

– Вазиятдан келиб чиққан ҳолда қандай режа туздингиз?
– Умуман олганда, 2021 йил мобайнида Республикамизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга бор эътиборимни қаратмоқчи эдим. Ҳукумат ва федерация раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистонда профессионал жамоа тузиш учун етарли имконият бор. Бу ёш спортчиларга улкан мотивация берибгина қолмай, ушбу спортнинг юртимизда янада ривож топишида катта ҳисса қўшади. Айниқса, хотин-қизлар мисолида. Ўзбекистонда соғлом миллат вояга етказиш учун улкан захира бор.

2020-03-27T11:57:49+05:00 27.03.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ