//Махсус ишчи гуруҳ Қорасув шаҳридаги ҳолатни ўрганди

Махсус ишчи гуруҳ Қорасув шаҳридаги ҳолатни ўрганди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи аъзолари бугуннинг ўзида вилоятнинг Қорасув туманини ҳам ўрганишди. Ушбу ўрганишлар натижасига кўра Андижон вилоятида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади ҳамда вилоятда спорт ривожи янги босқичга кўтарилади.

Қорасув шаҳар 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби 2016 йилда фойдаланишга топширилган. Бу ерда айни вақтда 812 нафар ёшларга 28 нафар тренер сабоқ бериб келмоқда. Шундан 6 нафари олий маълумотли, яна шунчаси тугалланмаган олий маълумотли, қолганлар эса ўрта-махсус маълумотга эга мутахассислардир. Олий маълумотга эга бўлмаган тренерларни босқичма-босқич ўқитиш ва олий маълумотга эга бўлган мураббийлар сонини ошириш бўйича ҳам топшириқ берилди.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг бокс, эркин кураш, белбоғли кураш, стол тенниси, гандбол йўналишлари анча оммалашган. Буни ушбу спорт тўгаракларига аъзо ёшлар кўплигидан ҳам билиб олиш қийин эмас. Биргина эркин кураш спорти билан 150 нафарга яқин ёшлар шуғулланиб келмоқда. Шундан 9 нафари турли ёш тоифаларида республика чемпиони, уч нафари эса Ўзбекистон терма жамоалари аъзоси саналишади. Қолаверса, белбоғли кураш ва бокс бўйича ҳам икки нафар қиз мамлакат ўсмирлар терма жамоасига қабул қилинган.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабида битта спорт зал мавжуд бўлиб, аксарият спорт турлари бўйича тўгараклар ўша ерда фаолият олиб боради. Шунингдек, маҳаллий тадбиркор билан келишган ҳолда эркин кураш тури билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар яратилган.

2020-05-19T23:12:54+05:00 19.05.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ