//Қорақалпоқ курашчи қизлари муваффақиятининг сири нимада?

Қорақалпоқ курашчи қизлари муваффақиятининг сири нимада?

Шу кунгача ўтказилган олимпия ўйинларида Ўзбекистон аёллар кураши терма жамоаси аъзолари иштирок этишмаган.

Ҳар сафар йўлланмага бир қадам қолганида ана шу имкониятни қўлдан чиқарганмиз. Бу галги тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасидан мураббийларимизнинг умидлари катта. Сабаби, терма жамоада рақобат сезиларли даражада кучайган. Бу рақобатни бевосита қорақалпоғистонлик курашчи қизларимиз юзага келтиришяпти десак хато бўлмайди. Биз айни мавзу юзасидан терма жамоа мураббийларидан бири Саломат Кўчимова билан сухбатлашдик.

– Сир эмас, ҳозирда қорақалпоғистонлик курашчи қизларимиз кўрсатаётган натижалар тахсинга лойиқ. Бунинг сири нимада? Нима учун қолган вилоятларда бундай муваффақиятга эриша олмаяпмиз?

– Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Бошқа вилоятларни олсак, олдинлари ота-оналарнинг қизларнинг спорт билан шуғулланишлари борасидаги фикрлари бошқача эди. Қизларнинг уйда ўтиришини, бошқа иш билан шуғулланишини афзал деб билардилар. Ҳозир вазият бироз ўзгарган. Кўряптиларки, спорт сабаб қанча имкониятлар юзага келмоқда. Биринчи галда соғлом турмуш тарзи юзага келади. Қолаверса, спорт билан шуғулланиш орқали камқонликнинг олди олинади, спорт орқали дунё кезиш, имтиёзли йўлланма асосида олий ўқув юртларига кириш, тафаккур ҳамда дунёқарашнинг кенг бўлиши таъминланади.

– Қорақалпоқнинг сирини барибир айтмадингиз… Мураббийлар яхши ишлаяптими?

– Қорақалпоғистонда бошка вилоятларга қараганда қизларимиз анча олдин кураш билан шуғулланишни бошлашган. Ва юқорида айтганимдек, бошқа вилоятларда қизларимизнинг спорт билан шуғулланишидан кўра уйда ўтиришини афзал билишган. Мураббийларига келсак, ҳаммалари ҳурматга лойиқ. Шахсий фикрим, мураббийлик буюк неъмат.

– Шу кунгача курашчи қизларимизга Олимпиадада қатнашиш насиб қилмаган. Назаримда, тарих янгиланадиган фурсат етиб келди. Вазиятга реал қараганда, Токио-2020 лицензиялари йўлидаги имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?

– Насиб қилса, Олимпиада йулланмасини қўлга киритамиз. Бир неча йиллик машаққатлар ўз мевасини беришига ишонаман. Лицензиялар бўйича имкониятимиз етарли.

– Шогирдингиз, III ўсмирлар Олимпидасида совриндор бўлган Шоҳида Аҳмедовада халқаро тажриба бор. Бу қизимизнинг катталар терма жамоасига мослашиб кетиши қийин кечмаяптими?

– Шоҳида эркин кураш билан профессионал даражада шуғулланишни 2014 йилда бошлаганю Айнан ўша йили у Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги Олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилинган. Ҳозирда бу коллеж Тойлоқ ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати деб юритилади. Ўз ёш тоифасидаги вилоят ҳамда Республика миқёсидаги мусобақаларда мунтазам шохсупага кўтарилиб келди. 2018 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида совриндор бўлиб, ўсмирлар Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритган. Ўша йили Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар Олимпиадасида ҳам ишончимизни оқлаб, кумуш медаль соҳибасига айланди. Ёш бўлишига қарамай катталар ўртасида ўтказилаётган мусобақаларда ҳам ижобий натижаларга эришяпти. Ҳозир унинг олдида турган энг асосий мақсад Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш. Шоҳида Республика мусобақасида ғалаба қозониб, Олимпиадага лицензия тақдим этувчи турнирда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоамизнинг барча вазн тоифасида олимпия ўйинлари йўлланмаси учун курашадиган қизларимизга омад тилайман.

Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати

2020-05-19T17:15:40+05:00 19.05.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ