//Турон яккакураши бўйича онлайн мусобақа якунланди

Турон яккакураши бўйича онлайн мусобақа якунланди

Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича мамлакатда эълон қилинган карантин даврида аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари ва уларни спортга жалб қилиш мақсадида Турон яккакурашининг эркин машқ йўналиши бўйича “Уйда қолиб мусобақада иштирок эт!” шиори остида Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси онлайн кубоги бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада бошқарма тасарруфидаги спорт таълим муассасалари тарбияланувчилари иштирок этишди. Мусобақада Тошкент вилоятидаги туман (шаҳар)ларда турон яккакураши билан шуғулланаётган жами 200 га яқин ўғил-қизлар иштирок этди.

Иштирокчилар алоҳида тоифаларга бўлиниб видеолавҳалар юборган ҳолда баҳс олиб боришди. Спортчиларнинг техник-тактик ҳаракатлари, оёқ-қўл зарбалари, эгилувчанлик қобилиятларини бажара олиши ҳамда кураш усулларини якка тартибда бажаришлари Ўзбекистон Турон яккакураши федерацияси томонидан ташкил этилган ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

Мусобақа якунларига кўра энг кўп очко тўплаган иштирокчилар билан танишинг:

Ўғил болалар ўртасида биринчи ўринга Бекзод Ғуломов (Тошкент тумани), 2-ўринга Шаҳзод Раззоқов (Зангиота тумани) ҳамда фахрли учинчи ўринга бирйўла икки нафар иштирокчи Бекзод Асатуллаев (Тошкент тумани) ва Олимжон Зуннунжонов (Зангиота тумани)лар муносиб кўрилди.

Қизлар ўртасида фахрли биринчи ўринни Раъно Каримова (Тошкент тумани), иккинчи ўринни эса Маҳфузабону Аминова (Чирчиқ шаҳри) қўлга киритган бўлса, мос равишда учинчи ўринга ўғил болаларда бўлгани каби 2 нафар спортчи – Феруза Соатова (Ангрен шаҳри) ҳамда Ҳадича Холматова (Пскент тумани)лар лойиқ кўрилди.

Ғолиб спортчиларга Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

2020-05-19T23:15:54+05:00 19.05.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ