//Арам Варданян: “Мусобақада ҳеч кимга осон бўлмади”

Арам Варданян: “Мусобақада ҳеч кимга осон бўлмади”

Узоқ давом этган карантиндан кейин ўтказилган катталар ўртасидаги йилнинг илк мусобақасида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан юнон-рум, эркин ва аёллар кураши вакиллари гиламга чиқишди. Уч кун давомида жами 30 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Биз юнон-рум кураши мусобақасининг 72 кг вазн тоифасидаги баҳсларида чемпионлик шохсупасига кўтарилган жаҳон чемпионати совриндори Арам Варданяндан интервью олдик. У финалда навоийлик Алижон Хусейновни мағлубиятга учратиб, шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган эди.

– Арам, ниҳоят узоқ танаффусдан сўнг гиламга қайтдинглар. Айни пайтда мусобақа жуда ҳам керак эди. Умумий таассуротлар қандай бўлди?

– Ҳа, жуда ҳам тўғри. Барчамиз мусобақаларни соғингандик. Саккиз ойлик танаффусдан сўнг мусобақада иштирок этдик. Таассуротлар бир олам. Чемпион бўлганимдан хурсандман. Совриндорлар сафидан жой олмаган курашчилар ҳам Навоийдан яхши кайфиятда қайтишди. Чунки, узоқ муддат давомида мусобақада қатнашмаган эдик.

– Афсуски, пандемик вазият ўз сўзини айтмай қолмади. Бу натижаларда ҳам акс этди…

– Худди шундай. Катта танаффус барибир таъсирини ўтказди. Жуда кўпчилик касалликни ўз бошидан ўтказди. Шахсан ўзим ҳам коронавирусга чалингандим. Буни беркитишнинг ҳожати йўқ. Рақиблар ҳам қийналишди. Бир сўз билан айтганда, ҳеч кимга осон бўлмади. Лекин чемпионат беллашувлари муросасиз кечди. Саралаш баҳслари финалдан қолишмади.

– Эндиги режалар қандай?

– Декабрь ойида жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз керак эди. Аммо, Сербиядаги йилнинг энг катта мусобақаси пандемик вазият сабаб бекор қилинди. Жаҳон чемпионатининг ўрнида жаҳон Кубоги ўтказилар экан. Ҳозирча бу мусобақада қатнашишимиз маълум эмас. Мусобақа бўлмаган тақдирда, ўқув-машғулот йиғинимиз ўтказилади. Олимпиада лицензион мусобақасига тайёргарлик кўрамиз.

Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати

2020-11-21T12:19:34+05:00 21.11.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ