//Бухоро вилоятида “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида оммавий бадантарбия ва юриш марафонлари ташкил этилди

Бухоро вилоятида “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида оммавий бадантарбия ва юриш марафонлари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди. Барчамиз бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилишимиз зарур.

Шуларни инобатга олган ҳолда бугун Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида пиёда юриш тадбири ўтказилди. Шундан сўнг иштирокчилар “Темирйўлчилар” истироҳат боғида эрталабки бадантарбия машғулотлари билан шуғулланишди.

Шунингдек, вилоятнинг Ромитан туманида ҳам “Соғлом ҳаёт учун қадам” шиори остида оммавий спорт тадбирлари ташкил этилди. Туман марказий стадионидан бошланган оммавий юриш тадбирига туман ҳокимлиги мутасаддилари, сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари ва ёшлар иштирок этди.

Минг нафардан ортиқ киши иштирок этган эрталабки нафас олиш машқлари, бадантарбия машғулотлари иштирокчиларга яхши кайфият ва тетиклик бахш этди.

Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ўтадиган “Соғлом ҳаёт учун қадам” шиори остидаги оммавий юриш тадбирлари туманнинг барча маҳаллаларида ҳам ташкил этилиб, уларда иштирок этаётган аҳоли ўз соғликлари ҳақида ўзлари қайғурмоқдалар.

2020-11-22T23:18:30+05:00 22.11.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ