//Равшан Эрматов: «Аҳоли саломатлиги учун барча масъул!»

Равшан Эрматов: «Аҳоли саломатлиги учун барча масъул!»

Сўнгги бир йил ичида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг ўзи анчагина салмоқли, – деди матбуот анжуманида иштирок этган Р.Эрматов. – 2019 йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Мазкур фармон билан мамлакатда миллионлар ўйини футболни оммалаштириш мақсадида маҳалла ёшлари ўртасида «Маҳаллада футбол», «Футболимиз келажаги», «Чарм-тўп» футбол мусобақаларини мунтазам ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳудудлар кесимида корхона ва ташкилотлар, давлат муассасалари ходимлари ўртасида «Бош вазир кубоги», «Ҳоким кубоги», «Раҳбар кубоги» каби мусобақаларни кенг қамровда ва мунтазам ташкил этиш йўлга қўйилди. Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, юртимизда биринчи бор миллий терма жамоаларимиз учун замонавий, барча қулайликларга эга «Ўқув-машғулотлар Маркази»ни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилиниб, унинг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хуллас, ушбу фармон Ўзбекистонда футболни мутлақо янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Шунингдек, анжуманда 2020 йил 24 январда «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони имзолангани таъкидланди. Таъкидлаш керак, республикамизда охирги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати мавжуд.

Мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида, аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этишга қаратилган ушбу фармон Ўзбекистонда соҳа ривожини янги даражага кўтарилишини таъминлаб беради.

2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соҳага доир муҳим ҳужжат, «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Ушбу фармонда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган жуда ҳам муҳим жиҳатлар ўз аксини топган. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзоларини ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишларини таъминлаш, улар ўртасида мусобақалар ташкил этиш кўзда тутилган.

Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланди.

2021 йил 1 мартга қадар аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси яратилади. Платформада рўйхатдан ўтганлар Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан, ҳар ойда ҳар бир туман(шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади. Бу ҳам юртдошларимизни пиёда юриш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига ошно бўлишида ўзига хос омил бўлиб хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади. Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган.

2021 йил 1 июлдан бошлаб, вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш бўйича баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизими йўлга қўйилиши ҳам белгиланган.

Дунёдаги ҳар бир миллат ва элат ўзининг миллий спортини жаҳонга олиб чиқиш ва энг нуфузли Олимпия ўйинлари дастурига киритишга интилади. 2020 йил 4 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида Кураш спорт турини Олимпия ўйинлари дастурига киритиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, Қарорда аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш, кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Қолаверса, Ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чоралари кўрилиши ҳам баён этилган.

Қарорга асосан курашни янада оммалаштириш ва тизимли ривожлантириш, Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш ва халқаро «GAISF — Global Association of International Sports Federations» ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиш, 2028 йилгача Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритиш мақсадида Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш Концепцияси ишлаб чиқилди.

Концепция Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда курашни тизимли ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари, истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда курашни ривожлантириш дастурлари ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш орқали курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, барча аҳоли қатлами, айниқса ёшларнинг соғлом турмуш тарзига интилишларини таъминлаш, уларни мардлик, садоқат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, миллий халқ ўйинларидан жаҳон спорт турига айланган курашга нисбатан ғурур, ифтихор ва фахрланиш ҳиссини уйғотиш Концепциянинг асл моҳиятини белгилайди.

Шунингдек, қарор ижроси доирасида ҳар икки йилда ўтказиладиган «Жаҳон кураш ўйинлари» («World Kurash games») йўлга қўйилиб, халқаро мусобақа мунтазам ўтказилиши таъминланади.

2020 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича махсус илмий лабораторияси негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ташкил этилади.

Бугун дунёда спорт соҳаси жуда ҳам тараққий этди. Тўғри, машғулотлар олиб бориш жараёни кескин фарқ қилмас, аммо ҳар бир спортчининг функционал ҳолати индивидуал ёндашувни тақозо қилади. Бунинг учун эса кучли илмий салоҳият зарур.

Ушбу қарор билан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Университет республикадаги барча жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) фаолияти устидан ўқув ва илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Университет ҳузурида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритадиган Республика илмий-услубий кенгаши ташкил этилади. 2021 йилдан бошлаб ҳар йили жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга ва соҳадаги муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳалар танловлари мунтазам ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент фармацевтика институти ва бошқа олий таълим муассасаларида спорт тиббиёти, фармакологияси, реабилитологияси, психологияси ва диетологияси мутахассисликлари йўлга қўйилади.

2020 йилнинг якунига қадар спорт-таълим муассасалари ҳамда спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) учун босма нашрларни чоп этиш мақсадида Университет қошида «Жисмоний тарбия ва спорт» нашриёти ва босмахона фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган яна кўплаб саволларга жавоб олишди.

Сўзимизни мухтасар қиладиган бўлсак, бугун ҳукуматимиз томонидан соҳа ривожи учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Асосий муаммо, уларнинг ижросини сифатли таъминлашда. Агар ушбу фармон ва қарорларда белгилаб берилган вазифалар тўлиқ амалга оширилса, Ўзбекистон ҳеч бир муболағасиз дунё спортида ва аҳолининг саломатлик даражасида жаҳонда етакчи ўринлардан бирига кўтарилади. Бунинг учун эса барчамиз баҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим.

2020-11-25T00:17:03+05:00 24.11.2020|Янгиликлар|Изоҳлар йўқ